НАТО мамлакатлари Украинага 1 миллионта дрон етказиб беришни ваъда қилди
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс мамлакатлари Украинага бир миллионта дрон етказиб бериш мажбуриятини олганини маълум қилди, деб ёзади Meduza. Бу ҳақда у Брюсселдаги брифингда айтиб ўтди.
Бундай қарор “Рамштайн” форматидаги икки кунлик музокаралар ва Украина-НАТО Кенгаши якунлари бўйича қабул қилинган.
“НАТОга аъзо мамлакатлар гуруҳи Украинага бир миллионта дрон етказиб бериш мақсади билан чиқиш қилди”, — деди Столтенберг.
Минглаб учувчисиз учар қурилмаларни Украинага Буюк Британия ва Латвия “дронлар коалицияси” етакчилари сифатида беради, дея эълон қилди Британия Мудофаа вазирлиги 15 февраль куни.
“Фахр билан шуни эълон қиламанки, Буюк Британия ва Латвия Украина учун ўта муҳим бўлган учувчисиз қурилмаларни ривожлантириш бўйича халқаро коалицияга раҳбарлик қилади. Биргаликда биз Украинага бу урушда ўз-ўзини ҳимоя қилиш ва ғалабага эришиш учун зарур бўлган имкониятларни тақдим этамиз, токи Путин ўзининг ноқонуний ва варварча орзуларини амалга ошириш йўлида мағлуб бўлсин”, — деди Британия мудофаа вазири Грант Шаппс.
Ўтган йил охирида Украина президенти Владимир Зеленский 2024 йилда Украина бир миллионта дрон ишлаб чиқаришни режалаштираётганини айтганди.
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский янги лавозимида биринчи марта чиқиш қилаётиб, дронларнинг қўлланилишини урушда ғалабага эришиш учун муҳим омиллардан бири деб атаган эди.
Шарҳлар