НАТО Украинага қўшин юборишга тайёрланаётгани хабар берилди, Пентагон буни рад этмоқда
Пентагон расмий вакили ўринбосари Сабрина Сингх АҚШ ҳукумати Украина қуролли кучларини ўқитиш учун Киевга инструкторларни юборишни режалаштирмаётганини айтди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Аввалроқ The New York Times (NYT) АҚШ Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари кичик Чарльз Брауннинг гапларини келтириб мақола эълон қилган эди. У Украинага НАТО инструкторларининг жойлаштирилишини муқаррар деб атаганди.
“Менга бундай имконият ҳақида ҳеч нарса маълум эмас”, — дея журналистларнинг саволига жавоб берди Сингх.
NYT мақоласида айтилишича, НАТО ҳарбийлари УҚКни ўқитиш учун Украинага йўналтирилиши мумкин. Ҳозир улар Европада ўқитилмоқда. Ушбу жараённинг Украинага кўчирилиши уни тезлаштириши мумкин бўларди, шунингдек, америкалик инструкторларга фронтда юз бераётган нарсалар ҳақидаги ахборотни тезроқ йиғиш имконини беради.
Февралда Франция президенти Эммануэль Макрон Украинага Ғарб қўшинлари юборилишини истисно қилмаган эди, аммо бир неча кундан кейин у ҳозирча буни амалга ошириш нияти йўқлигини айтди. Май ойида The Economist нашрига берган интервьюсида у яна Киевнинг илтимосига кўра Украинага француз ҳарбийлари юборилиши мумкинлигини айтди. АҚШ Вакиллар палатасида демократлар озчилиги етакчиси Хаким Жеффрис ҳам Россия-Украина низосига ҳарбий аралашув талаб этилади деган фикрда.
Шарҳлар