“Бу терроризмни мукофотлаш”. Нетаньяху — Европанинг уч мамлакати Фаластин мустақиллигини тан олгани ҳақида
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху баъзи Европа мамлакатларининг Фаластин давлатини тан олиш нияти “терроризмни мукофотлаш” деб ҳисобланишини айтди. Бу ҳақда Медуза хабар бермоқда.
“Иудея ва Самариядаги фаластинликларнинг 80 фоизи 7 октябрдаги даҳшатли қирғинни қўллаб-қувватламоқда. Бу ёвузликка давлат шаклини бериш керак эмас. Бу террорчилик давлати бўлади. У 7 октябрь қирғинини яна ва яна такрорлашга уринади; биз бунга рози бўлмаймиз. Терроризмни мукофотлаш тинчликка еткаламайди ва бизга ҲАМАСни енгишда халал бера олмайди”, — деб ёзди Нетаньяху Х ижтимоий тармоғида.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Европанинг уч давлати — Норвегия, Испания ва Ирландия Фаластин мустақиллигини тан олиши ҳақида расман эълон қилди. Уларнинг қарори 28 майдан кучга киради. Ушбу хатти-ҳаракатларга жавобан, Исроил бу мамлакатлардан ўз элчиларини чақириб олишини маълум қилди.
Фаластин давлатини БМТга аъзо 193 мамлакатдан 143 таси расман тан олади, улар орасида Россия ва Хитой ҳам бор. Фаластин давлатчилигини АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва Исроил каби мамлакатлар тан олмайди.
2023 йил 7 октябрда Яқин Шарқда вазият қайтадан кескинлашган эди, ўшанда ҲАМАС жангарилари Исроилга ҳужум қилиб, 1200 дан ортиқ исроилликларни ўлдириб, яна 200 дан зиёд одамни асирга олди. Бунга жавобан, Исроил мудофаа армияси Ғазо секторини ёппасига бомбардимон қилиб, сўнг ер усти операциясига ўтди. Ғазо ССВ маълумотларига кўра, сектор аҳолиси орасида қурбонлар сони 35 мингдан ошган.
Шарҳлар