Нью-Йорк метросидаги отишма оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланди
Нью-Йоркнинг Бронкс туманидаги метро бекатида номаълум эркак отишма содир этди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Бир киши ҳалок бўлиб, беш киши, шу жумладан, икки ўспирин яраланди, деб хабар берди Нью-Йорк полиция бўлими бошлиғи Майкл Кемпер.
АP ва New York Post маълумотларига кўра, Маунт-Иден-авеню бекатидаги ўқ овозлари 12 февраль куни тахминан 16:40 да (Тошкент вақти билан 13 февраль 02:40) янграган. Гувоҳлар айтишича, номаълум шахс жами 10 мартача ўқ узган.
Кемпер маълум қилишича, отишма оқибатида 34 ёшли эркак ҳалок бўлган. Ярадорлар орасида 14 ёшли қизча ва 15 ёшли йигитча, шунингдек, 71, 28 ва 29 ёшли шахслар бор.
Полиция маълумотлари бўйича, номаълум киши поезд йўловчилари билан зиддият юзага келгани туфайли ўт очган. Эркак қизил куртка ва чанғи ниқобини кийиб олган, деб ёзади CNN. Отишма содир этгач, у қочиб кетган. Жабрланганлар касалхонага ётқизилган.
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал АҚШнинг Техас штати Лейквуд шаҳридаги черковда бир аёл отишма уюштирган, натижада бир киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган эди.
Шарҳлар