NYT: Зеленский шу ҳафта Берлин, Париж ва Лондонга боради
Украина президенти Владимир Зеленский шу ҳафта турне доирасида Берлин, Париж ва Лондонга ташриф буюради. Бу ҳақда The New York Times аноним украин мансабдорига таяниб хабар берди.
Турне 16—18 февраль кунлари бўлиб ўтадиган хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси билан бир вақтга тўғри келади. Нашр маълумотларига кўра, турне чоғида Зеленский ўз мамлакатига ҳарбий ёрдамни кўпайтиришни ёқлаб чиқиш қилади.
Аввалроқ Bloomberg ўз манбаларига таяниб, Зеленский Париж ва Берлинга бориши мумкинлиги, аммо сафар ҳақида узил-кесил келишиб олинмаганини хабар берганди.
Унинг манбаларига кўра, Украина президентининг сафардан мақсади — Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтириш заруриятини асослаш. Агентлик суҳбатдошлари тахмин қилишича, Зеленский катта эҳтимол билан, хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги музокараларни талаб қилиб туриб олади.
Мюнхен хавфсизлик конференцияси бу йил 16 февралдан 18 февралгача бўлиб ўтади. Унда 50 нафар давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда 100 нафар вазирлар қатнашади.
Украина президенти 2023 йилги Мюнхен хавфсизлик конференциясида видеоалоқа орқали иштирок этганди. Тадбир очилишида сўзга чиқиб, у иттифоқчиларни Украинага ёрдам кўрсатиш ҳамда унга Евроиттифоқ ва НАТО аъзолигини тақдим этиш бўйича шошилишга чақирганди. Россия эса хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида қатнашишдан бош тортди.
Шарҳлар