Оқ уй Путиннинг Россия Байденни афзал кўриши ҳақидаги гапларига жавоб қайтарди
Россия президенти Владимир Путиннинг Россия Дональд Трамп эмас, АҚШнинг жорий президенти Жо Байден билан иш кўришни афзалроқ билиши ҳақидаги баёнотига жавобан, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашида стратегик коммуникациялар координатори Жон Кирби Москвани АҚШдаги сайловларга аралашишдан тийилишга чақирди, деб ёзади “РБК”.
“Ўйлайманки, жаноб Путин Россиянинг бутун дунёдаги салбий таъсирига ва албатта Украина ҳудудида амалга ошираётган хатти-ҳаракатларига қарши туриш учун бу маъмурият нималар қилаётганини жуда яхши билади. Жаноб Путин эса шунчаки бизнинг сайловларимиздан узоқ туриши керак”, — деди Кирби брифингда.
Аввалроқ Путин АҚШдаги бўлғуси сайловлар юзасидан изоҳ берар экан, Россия ҳар қандай Америка президенти билан иашлашга тайёрлигини маълум қилганди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Россия бу лавозимда Американинг собиқ етакчиси Дональд Трампни эмас, жорий президент Жо Байденни кўришни афзалроқ билган бўларди. Журналист Павел Зарубиннинг Россия қайси АҚШ президенти билан ишлашни маъқул кўрган бўларди, деган саволига Путин: “Байден”, — деб жавоб берди. “У тажрибалироқ, хатти-ҳаракатларини олдиндан айтиш мумкин бўлган одам, у эски форматсиядаги сиёсатчи. Аммо биз Америка халқи ишонч билдирадиган ҳар қандай АҚШ етакчиси билан ишлаймиз”, — дея қўшиб қўйди Россия президенти.
Шарҳлар