,

ОАВ: АҚШ Суриядаги ҳарбий базасини эвакуация қилмоқда

Ироқ ислом қаршилиги гуруҳлари тез-тез ҳужум қила бошлагани учун Америка ҳарбий хизматчилари Суриянинг Хасеке вилояти шимолидаги Ал-Қамишли шаҳри яқинидаги Хемо ҳарбий базасидан эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда Эроннинг Tasnim агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди. АҚШ ҳукумати бу ахборотни изоҳлаганича йўқ.

15-январ куни “Ироқ ислом қаршилиги” шиалар ҳаракати Американинг Ироқ ва Суриядаги учта базасини ўққа тутди. “Ал-Маядин” телеканали хабарига кўра, Сурия шимоли-шарқидаги Хараб ал-Жайл базаси, Эрбилm халқаро аеропортидаги база ва Суриянинг Дайр-аз-Зор вилоятидаги Конико конида жойлашган база ҳужумга учради.

АҚШнинг Сурия ва Ироқдаги базаларига ҳужумлар Ғазо секторида 2023-йил 7-октябрь куни бошланган Исроил ва Фаластиннинг “ҲАМАС” ҳаракати ўртасидаги уруш фонида кучайди. Пентагон маълумотларига кўра, 2023-йил октябрьи охиридан 2024-йил январигача Ироқ ва Суриядаги АҚШ базалари 130 марта ҳужумга учраган.

Эрон ОАВлари маълум қилишича, 16-январ куни Эрон Покистон ҳудудига зарбалар берган. Эрон хавфсизлик кучларига ҳужум уюштирган “Жайш ал-Адл” гуруҳи базаларига зарбалар берилган.

Эслатиб ўтамиз, Эрон АҚШнинг Ироқдаги элчихонаси яқинидаги объектларга зарба берган эди. Reuters манбаларига кўра, портлаш овозлари Эрбилдан 40 километр шимоли-шарқда, Америка элчихонаси жойлашган ҳудуддан эшитилган. Дипломатик миссияга тегишли иншоотларга зарар етмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.