ОАВ: Хитой бош вазири Давосда Зеленский билан учрашишдан бош тортган
Пекин Киевнинг Давосда Украина президенти Владимир Зеленский ва Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян ўртасида учрашув ташкил қилиш ҳақидаги таклифини рад этган, деб ёзади Politico ўз манбаларига таяниб.
Швейцариядаги форум бошланишидан аввал Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Киев томонидан таклиф этилган “тинчлик формуласи” бўйича музокараларга Хитойнинг қўшилиши қанчалик муҳимлиги ҳақида гапирган ва Зеленскийда бундай учрашув учун имконият бўлишини айтган эди.
Бироқ нашрнинг Америка маъмуриятидаги юқори мансабли аноним манбалари даъво қилишича, Хитой томони Россия уни Украина билан дипломатик мулоқотларни бас қилишга чақирганидан кейин ҳар қандай учрашувлардан бош тортган.
Politico қайд этишича, ушбу қарор шу ҳақда гувоҳлик бериши мумкинки, Хитой Украинада уруш тугатилишига эришиш ниятида эмас, бунинг ўрнига эса у Россия томонига ўтиб, Москвага ҳарбий мақсадга эга материалларни етказиб бермоқда.
Украина президенти Давосдаги якуний матбуот анжуманида маълум қилишича, форумда Хитой бош вазири Ли Цян билан учрашишни режалаштирмаган, чунки у мамлакат етакчиси ҳисобланмайди.
“Хитой бош вазири бўлса, бизнинг бош вазиримиз билан учрашаверсин. Мен мамнуният билан Хитой етакчиси билан учрашган бўлардим. Билишимча, қарорларни Си Цзинпин қабул қилади, Украинада эса мен қарорларни қабул қиламан… Менга ҳар қанақа мулоқотлар керак эмас, менга ушбу қарорларни қабул қиладиган етакчиларнинг қарорлари керак”, — деди Зеленский.
Шарҳлар