Олмаотада зилзила туфайли жабрланганлар сони 44 кишига етди
Олмаотада зилзиладан кейин 44 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, уларнинг саккиз нафари касалхонага ётқизилган, деб ёзади “Коммерсантъ” республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб. Қозоғистон ҳукумати фуқароларни ҳимоя қилиш тизимини шайлик ҳолатига келтирмоқда.
“Бугун эрталабки ҳолат бўйича Олмаотада 44 киши енгил ва ўрта оғирлик даражасидаги турли шикастланишлар билан тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилди, булар: бош шикастланиши, қисилиб қолиш, қўл-оёқ чўзилиши каби шикоятлар”, — дея аниқлик киритди ССВ.
Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов сейсмик жиҳатдан хавфли бўлган ҳудудларда фуқароларни ҳимоя қилиш тизимини юқори шайлик ҳолатига келтиришни буюрди. “Энг яқин вақт ичида тезкорлик билан жавоб кўрсатиш учун бошқарув органлари ва фуқароларни ҳимоя қилиш кучлари раҳбарлари ва масъул шахсларининг бошқаурв пунктларида навбатчилиги йўлга қўйилсин. Бу ҳаётни таъминлаш бўйича барча ташкилотларга тегишли”, — деди у ҳукумат мажлисида.
Эслатиб ўтамиз, 22 январь куни Қирғизистон-Хитой чегарасида 6,7 магнитудали зилзила юз берди. Қирғизистон ва Қозоғистоннинг бир нечта шаҳарлари аҳолиси кучли силкинишларни ҳис қилди. Олмаотада 5 балли зилзила қайд этилди, кейинроқ 2—3 магнитудали қайта силкинишлар юз берди.
Аввалроқ Олмаотада зилзила оқибатида 8 киши жабрлангани, шунингдек, мактаб ва коллежларда дарслар бекор қилиниши хабар берилган эди.
Шарҳлар