Қорақалпоғистонда аҳолига сифатсиз бензин сотилгани аниқланди
«Ўзэнергоинспекция» томонидан ёқилғи маҳсулотлари сифатини ўрганиш бўйича назорат тадбирлари ўтказилди, бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар беради.
Жумладан, Rafs, Ruxshona Hamid, Suvinshoatgazqurilish, Imkon-Xamkor, «Руслан», To‘rtko‘lli Bunyod Oil ва Gulnora Gaz Servis автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчалари бензин олиниб, лабораторияларда текширилган.
Лаборатория хулосаларига кўра, еттита ёқилғи қуйиш шохобчасида сифатсиз бензин борлиги аниқланган. Шундай қилиб, меъёрий ҳужжат талабларига кўра ёқилғи қуйиш шохобчасидан олинган АИ-92 бензинининг октан рақами 92 бўлиши керак эди, бироқ танланган ёқилғи маҳсулотлари намунасида синовдан ўтказиш натижасида бу кўрсаткич 90 га ҳам етмаган.
Маълум бўлишича, 2023 йилда ёқилғи қуйиш шохобчалари томонидан 26 минг литрдан ортиқ сифатсиз АИ-92 бензини сотилган, натижада истеъмолчиларга жами 277 миллион сўм зарар етказилган.
Мазкур субъектларга нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди ва кўрсатмалар берилди.
Шарҳлар