Трамп Орбан билан учрашувда Киевга “уруш олиб бориш учун” пул бермаслигини айтган
АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашувда давлат раҳбари этиб сайланган тақдирда, Украинага пул ажратмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Венгрия ҳукумат раҳбари гапириб берди. Унинг айтишича, Трампда Россия-Украина низосига нуқта қўйиш режаси бор.
“Агар Дональд Трамп яна президент бўлса, у европаликлар хавфсизлигини молиялаштиришни хоҳламайди ва АҚШ томонидан Украинага уруш олиб бориш учун маблағ ажратилишини қўллаб-қувватламайди”, — деди Орбан М1 телеканалига берган интервьюсида.
Венгрия бош вазири сўзларига кўра, Трамп “ушбу урушни қандай якунлаш борасида етарлича батафсил режаларга эга”. Аммо у тафсилотларни келтирмади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Виктор Орбан Дональд Трамп билан Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида учрашган эди.
Дональд Трамп ва Виктор Орбан учинчи марта шахсий учрашув ўтказмоқда. Венгрия бош вазири АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден билан бирор марта учрашмаган.
Аввалроқ ушбу учрашув АҚШнинг иттифоқдошлари орасида Трамп президент лавозимига қайтиши эҳтимоли юзасидан хавотирни кучайтириши, собиқ президент сайловолди пойгаси чоғида “ташқи сиёсат масалаларига тобора кўпроқ таъсир ўтказаётгани”ни таъкидлаб кўрсатиши айтилган эди.
Шарҳлар