“Оскар” маросимида Навальнийнинг хотираси ёдга олинди

Foto: Reuters

96-“Оскар” мукофотларини топшириш маросимида россиялик марҳум мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний хотирланди, деб ёзади Медуза.

Режиссёр Дэниэль Роэрнинг 2023 йилда “Энг яхши ҳужжатли фильм” йўналишида мукофот олган “Навальний” фильмидан парча намойиш этилди.

“Ёвузлик тантана қилиши учун зарур бўлган нарса — яхши одамларнинг ҳаракатсизлигидир”, — дейди сиёсатчи фильмнинг ушбу эпизодида.

Фильмдан парча “Оскар” маросимининг “In Memoriam” қисмини очиб берди, унда Киноакадемия анъанага кўра сўнгги бир йил ичида вафот этган кинематографчилар хотирасини ёдга олади.

Эслатиб ўтамиз, Россия Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Алексей Навальний 16 февраль куни Ямал-Ненец мухтор округи Харп қишлоғидаги “Полярний волк” колониясида вафот этгани ҳақида хабар берди. Муассаса маълумотларига кўра, сиёсатчи сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилиб, дарҳол ҳушини йўқотган. RТ пропаганда канали манбаси қайд этишича, унинг ўлимига тромб ёрилиши сабаб бўлган. Колонияда Алексей Навальнийнинг онасига у “тўсатдан ўлим синдроми”дан вафот этганини айтишган. Людмила Навальнаяга берилган ўлим ҳақидаги тиббий хулосада ўлим сабаби сифатида “табиий сабаблар” келтирилган.

Аввалроқ Британиялик актёр Бенедикт Камбербетч Лондондаги Қироллик Альберт холл саҳнасидан Алексей Навальний  ўз ўлимидан бир ой олдин ёзган мактубини ўқиб эшиттирган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.