Индонезияда самолётнинг иккала учувчиси ҳам парвоз чоғида ухлаб қолди
Индонезиянинг Batik Air авиакомпанияси самолётининг иккала учувчиси ҳам парвоз чоғида ухлаб қолди ва қарийб 30 дақиқа мобайнида чақирувларга жавоб бермади. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Жануби-Шарқий Сулавесидан Индонезия пойтахти Жакартага йўл олган рейс чоғида учувчи ва иккинчи учувчи бир вақтда ухлаб қолган, бу тахминан 28 дақиқа давом этган.
Воқеа натижасида навигацияда бир қатор хатоликлар юз берган, аммо Airbus А320 самолётининг 153 нафар йўловчиси ва тўрт нафар борт кузатувчиси 2 соат 35 дақиқа давом этган парвоз чоғида жабр кўрмаган.
Ҳаво транспорти бош директори Мария Кристи Эндах Мурни маълум қилишича, Транспорт вазирлиги ҳодиса юзасидан Batik Air авиакомпаниясига нисбатан “қатъий ҳайфсан эълон қилади”. У авиакомпанияни экипажнинг дам олишига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.
Воқеа юзасидан суриштирув олиб борилади ва тунги рейс тафсилотлари таҳлил қилинади.
Шарҳлар