Павел Дуров сўроқда француз махсус хизматлари билан ҳамкорлик ҳақида билдирди — Libération

Фото: NICOLAS MESSYASZ/SIPA/Scanpix/LETA

Дуров Парижда ҳибсга олинганидан сўнг дарҳол Франция Ички хавфсизлик бош бошқармаси (DGSI) билан ҳамкорлик қилишини маълум қилди, деб ёзади Франциянинг Libération нашри. Нашр, шунингдек, ишнинг бошқа тафсилотлари ҳам ошкор қилди.

Фирибгарликка қарши курашиш миллий бюроси (ONAF) биносида бўлганида Дуров телефон ва унга кириш кодини берган. Бу ҳақда нашрга терговга яқин манба маълум қилган.

Дуров ҳибсга олингани сабабини билиб “ҳайрон қолди”, деб ёзади Libération. Айни пайтда унинг Дубайдаги жамоаси ҳуқуқ-тартибот органларининг сўровларига, жумладан, терроризм ва болаларга қарши жиноятларга оид барча “Телеграм” жавобларини топишга ҳаракат қилган. Сўроқ пайтида Дуров барча сўровларга жавоб беришнинг иложи йўқлигини айтган – компания “миллионлаб” бундай сўровларни олади ва сунъий интеллект уларнинг бирламчи саралашида иштирок этади.

“Телеграм” асосчиси Франциянинг Ички хавфсизлик бош бошқармаси (DGSI) билан расмий алоқа каналини очганини айтган. Дуров, шунингдек, DGSI агентларининг Дубайга ташриф буюришини маълум қилган, – дейди нашрга терговга яқин манба.

Дуровнинг сўзларига кўра, Франция расмийлари ушбу канал орқали маълумот алмашиш натижасида бир нечта терактларнинг олдини олишга муваффақ бўлган. “Телеграм” раҳбарининг Франция разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилиш ҳақидаги баёноти ҳам аввалроқ Le Parisien томонидан келтирилганди. Шу билан бирга, 2013 йилдан 2024 йилгача Франция полицияси 2460 та сўровга “Телеграм”дан жавоб олмаган, дея таъкидлайди Libération.

Нашрнинг ёзишича, ҳибсга олинганидан сўнг Дуров ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан “Телеграм” асосчиси ва Эммануэль Макроннинг “умумий дўсти” бўлган миллиардер Ксавье Ньел билан боғланишни сўраган. Илгари ушбу сўров ҳақидаги маълумотлар AFP агентлиги ва BFMTV нашрида ҳам пайдо бўлган. Дуров Ньел билан боғланишга муваффақ бўлган-бўлмагани номаълум.

2017 йилда Франция президенти этиб сайланган Макрон “Телеграм” билан ҳамкорликни “таъсирни кенгайтириш нуқтаи назаридан стратегик масала” деб ҳисоблади, дейди Libération нашрига Франция президентининг собиқ иттифоқчиси.

2021 йилда Франция президенти билан бир қатор учрашувлардан сўнг Дуров фуқароликни истисно тариқасида олди. Бироқ россияликни фуқароликка қабул қилиш ҳақидаги сўров дастлаб француз расмийлари томонидан маъқулланмаган, деб ёзади Le Monde нашри. «Бу давлат раҳбарининг қарори эди, унинг ва фақат унинг қарори», – дейди Макроннинг дўстларидан бири Libération нашрига.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.