Халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик собиқ милиционер Россияда ушланди

Халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик собиқ милиционер Россияда ушланди

Россия ИИВнинг Тюмень области бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тюмень темирйўл бекатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида кўзда тутилган жиноятларни (пора олиш ва рўйхатга олишни қасддан яшириш) содир этганлиги учун халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси ушланди.

Экстрадицион текширув материалларига кўра айбланувчи Наманган вилоятидаги туманлардан бирида ИИБда қўриқлаш бўлими милиция взводининг командири лавозимида ишлаган. У 2010 йил декабрида пул эвазига ғўза уруғини ўғирлаш фактини рўйхатга ва ҳисобга олмаган, шундан сўнг Россия ҳудудида яширинган.    

Ушланган шахс ҳибсга олинди. Урал транспорт прокуратураси экстрадицион текширув материалларини уни сўраётган томонга бериш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун РФ Бош прокуратурасига юборди, дея хабар беради Урал транспорт прокуратурасининг матбуот хизмати. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.