Петербургда “ақлли” трамвай пиёдаларга бориб урилди. Жабрланганлар бор
Бахтсиз ҳодиса Василевский оролидаги “Приморская” метро бекати яқинида содир бўлган, видео шаҳар прокуратураси томонидан эълон қилинган. Видеода трамвай пиёдалар ўтиш жойида йўлни кесиб ўтаётган одамларга бориб урилаётгани акс этган.
Расмийларнинг маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида уч киши жароҳатланган. Бир жабрланувчи оғир даражада, икки киши ўрта даражада тан жароҳати олган. Бошқа маълумотларга кўра, тўрт киши жароҳатланган. Полиция ҳайдовчининг сўзларидан келиб чиқиб, трамвай тормози ишламай қолганини қайд этади.
“Ротонда” ва “Фонтанка” нашрлари Довлатов ретро трамвайи ЙТҲга учраганини таъкидлаган. Бу трамвайлар “Уралвагонзавод” томонидан Санкт-Петербург “Горелектротранс” компаниясига етказиб берилган. Компания 2023 йил кузида “Достоевский” номини олган биринчи шундай трамвайни олган.
Шу билан бирга, Санкт-Петербург маъмуриятининг веб-сайтида “Довлатов” Россиянинг Cognitive Pilot сунъий интеллект ишланмаси асосидаги «фаол хавфсизлик комплекси» билан жиҳозлангани ҳақида хабар берилган. Таъкидланишича, ушбу технология ҳайдовчининг ҳолатини кузатиб боради. Хусусан, “ҳайдовчи диққатини йўқотса ёки йўлда одам ёки буюм бўлса”, трамвай тўхтаб қолиши хабар қилинганди.
“Янги ҳаракатланувчи таркиб юқори хавфсизлик ва қулайлиги билан ажралиб туради. “Довлатов” – бу сунъий интеллект элементларига, шу жумладан фаол хавфсизлик комплексига эга энг замонавий тизимлар билан жиҳозланган “ақлли” трамвай. Шу билан бирга, у жуда ҳам чиройли, ташқи кўриниши 50-60 йиллардаги севимли Ленинград вагонларига ўхшайди”, — дейди губернатор Александр Беглов шаҳар кўчаларида “Довлатов”нинг пайдо бўлиши ҳақида.
Шарҳлар