Кечки Анҳор: 10 январь янгиликлари

Кечки Анҳор: 10 январь янгиликлари

Профилактика инспектори зўравонлик қурбонлари учун қўриқлаш ордерларини беради. Ордер 30 кунга тақдим этилади. Агар шу муддат ичида хавф бартараф бўлмаса, унда жабрланган томоннинг аризасига кўра ордер яна бир ойга берилади. Қўриқлаш ордери қурбоннинг зўравон билан мулоқотини тақиқлашни, зўравоннинг қурол (хизмат қуролидан ташқари) сақлаш ва олиб юришга бўлган ҳуқуқларини тақиқлашни ёки чеклашни, уни харид қилишга рухсатнома олишни кўзда тутиши мумкин.
 
Тошкентдаги Халқлар дўстлиги саройи ёнида тунда йирик авария содир бўлди. ЙТҲнинг дастлабки тахминлар бўйича сабаби – тезликнинг оширилиши. Бунинг натижасида BMW ва Lacetti автомобиллари ёниб кетган. Lacetti ҳайдовчиси ва 6 ёшли йўловчи Д.М. ИИББ ППХ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан қутқарилган ҳамда жароҳатлар ва куйишлар билан касалхонага етказилган. Яна икки нафар йўловчи 44 ёшли И.М. ва 8 ёшли Я.М. воқеа жойида ҳалок бўлган. BMW ҳайдовчиси ЙТҲ юз берган жойдан қочиб кетган, ҳозир унинг шахси аниқланмоқда.

Москвада террорчиликка даъват қилгани учун Ўзбекистон фуқароси 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Россия бош прокуратураси Шермуҳаммад Шамсиддинов 2016 йил июль ойидан 2018 йил июнь ойигача ижтимоий тармоқлардан биридаги ўзининг шахсий саҳифасида террорчилик ташкилотларининг фаолиятини оқлайдиган, зўравонлик мафкурасини тарғиб қиладиган аудио ва видеофайлларни қасддан жойлаштириб келганини қайд этади.
 
Давлат туризм қўмитаси бир йил ичида Ўзбекистонга 6,7 млн турист келганини билдирди. Уларнинг кўпчилиги  Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия, Туркия, Афғонистон, Хитой, Корея Республикаси ва Ҳиндистондан келган. Туристларнинг 81,8% Ўзбекистонга қариндошлари ва дўстларини кўришга келган, 15,5% дам олиш учун, 2,7% даволаниш, харидлар қилиш, ўқиш ва иш юзасидан учрашувларда қатнашиш учун ташриф буюрган.

Ўзбекистонда тақиқланган “Жиҳодчилар” оқимининг аъзолари қўлга олинди. Бироқ ИИВ вазирлик ва ДХХнинг ҳамкорликдаги махсус амалиёти давомида нечта киши қўлга олингани ҳақидаги маълумотни ошкор қилмаяпти. “Ушбу шахслар Ўзбекистон ҳудудида Сурияда бошпана топган террорчилик ташкилоти аъзоларининг топшириқларини бажарган, аҳоли орасида ноқонуний ташвиқот ишларини олиб борган, “Жиҳодчилар” оқимининг ғояларини тарқатган ҳамда ўз сафларини тўлдириш бўйича ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган. Бундан ташқари, улар ёшларни  Сурия ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотларига қўшилиб, жиноят содир этишга тарғиб қилган ҳолда ўзларининг догматик мафкураси тарафдори бўлишга даъват этган», — дейилади ИИВ хабарида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.