ССВ болаларнинг шифохоналарга ташрифи “кескин ўсиши” билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

Фото: Открытые источники

Ижтимоий тармоқларда пойтахтда ёш болалар орасида тана ҳарорати кўтарилиб, томоқ оғриғи кўпайгани, натижада болалар шифохонасига мурожаатлар сони ортгани ҳақида видеолавҳа тарқалди.

Аниқланишича, ушбу видеода айтилган тиббиёт муассасаси Тошкент шаҳар 1-сон болалар клиник шифохонаси бўлиб, мазкур марказ 425 ўринга мўлжалланган.

Шифохонага бир суткада ўртача 300-350 нафар бемор мурожаат қилиб, улардан 55-65 нафари стационар ёрдам кўрсатиш учун шифохонага ётқизилади. Қолганларга эса бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, яшаш ҳудуди бўйича оилавий шифокор назоратига юборилади.

“Бугунги кунда ушбу тиббиёт муассасаси қабулхонасига фақатгина тана ҳарорати кўтарилиши ёки томоқ оғриғи билан эмас, балки аллергик тошмалар, ич кетиши, кўз ва қорин оғриғи, чақалоқларнинг қулоғи оғриши, безовталик, аппендицит, диск чурраси каби ташхислар билан ҳам мурожаат бўлмоқда”, – дейилади хабарда.

Оилавий поликлиникалар фаолияти эрталаб соат 08.00 дан кечки 20.00 гача давом этишини инобатга олсак, тунги пайт бемор болаларга тиббий ёрдам олиш учун асосан болалар шифохонасига мурожат қилинади. Натижада кечки вақтда беморлар сони бирмунча ортади.

Шундай экан ижтимоий тармоқларда болалар шифохонасига иситма ва томоқ оғриғи бўйича мурожаатлар сони ортгани ҳақидаги хабарлар асоссиз экани маълум қилинади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.