Покистонда россиялик учувчилар билан учаётган Ми-8 вертолёти ҳалокатга учради
Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва провинциясида жойлашган Шимолий Вазиристон округида бортида 14 киши бўлган Ми-8 вертолёти ҳалокатга учради. Натижада олти киши ҳалок бўлган, саккиз киши яраланган, деб ёзади “Коммерсант” нашри. Унинг манбаларига кўра, вертолётнинг уч нафар учувчиси Россия фуқароси бўлган.
Вертолёт Покистоннинг Mari Petroleum Limited нефть қидирув ва қазиб олиш компаниясига тегишли бўлган. У нефть кони яқинида қулаган, дейди компания вакили. Унинг таъкидлашича, ҳодиса техник сабабларга кўра содир бўлган ва «хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга ҳеч қандай алоқаси йўқ». Ярадорлар Тал қўшма ҳарбий госпиталига ётқизилган.
Ҳалок бўлганлар орасида учувчилар бор-йўқлигига аниқлик киритилмаган. Нашр манбалари вертолёт ҳавога кўтарилганидан сўнг дарҳол техник муаммоларга дуч келганини айтади. Ҳалокатга унинг дум ротори фавқулодда қўниш вақтида ерга тегиши сабабчи бўлган. Воқеа юзасидан тергов бошланган, ҳалокат жойида Покистон армияси ҳам ёрдам бермоқда.
Шарҳлар