Польша сингари Литва ҳам Украинага ҳарбий хизматга чақирув ёшидаги эркакларни қайтаришда ёрдам беришга тайёр

Фото: IStock

Литва ҳукумати Украинага ҳарбий ёшдаги эркакларни қайтаришга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Аввалроқ Польша расмийлари ҳам шу ҳақда эълон қилган эди.

Литва мудофаа вазири Лауринас Кашчюнас айтганидек, Литва ҳукумати ҳозирча аниқ чора-тадбирларни кўриб чиқмаяпти ва Польша қандай ҳаракат қилаётганини кузатиб боради.

“Йўналиш тўғри. Бу қандай чораларга айланишини ҳозирча айтиш қийин. Афтидан, буни алоҳида муҳокама қилиш керак бўлади», – дея Кашчюнаснинг сўзларини келтиради Delfi.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги шу ҳафтада 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Украина фуқаролари учун хорижда ҳужжатларни расмийлаштириш тўхтатилганини эълон қилди. Бу қадам Украинада яқинда қабул қилинган сафарбарлик тўғрисидаги янги қонун билан боғлиқ.

Европа Иттифоқи Статистика хизмати маълумотларига кўра, 2024 йил январида Европа Иттифоқи мамлакатларида 4,3 миллионга яқин Украина фуқаролари, жумладан, 860 мингга яқини эркаклар бўлган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.