Польша ТИВ: Украина осмонида Россия ракеталарини уриб тушириш имконияти кўриб чиқилмоқда
Польша Ташқи ишлар вазирлиги спикери Павел Вронский мамлакат ўз ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларидан икки мамлакат чегараси яқинида Украина ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун фойдаланиш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Ушбу масала бўйича ҳозирча ечимлар йўқ.
“Бу масала юридик ва техник нуқтайи назардан кўриб чиқилмоқда, бироқ ҳеч қандай қарорлар йўқ”, — деди Вронский. Унинг қўшимча қилишича, бундай илтимос билан Польша ҳукуматига Украина томони мурожаат қилган. Польша ТИВ спикери сўзларига кўра, ушбу имкониятни халқаро ҳуқуқ бўйича экспертлар ва техник мутахассислар баҳолаши керак.
Вронский қайд этишича, Украинага ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини бериш ҳақида гап бормаяпти, чунки бундай имконият йўқ. Шу билан бирга, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучларидан Россия ракеталарини йўқ қилишда фойдаланиш 24 мартдан кейин муҳокама қилина бошлаган. Ўшанда Польша ҳаво ҳудудига “Россия узоқ авиацияси” томонидан учирилган ракета 39 сонияга учиб кирган эди.
20 май куни Украина президенти Владимир Зеленский Reuters’га берган интервьюсида НАТО мамлакатларини Украинага Россия ракеталарини уриб туширишда ёрдам беришга ва Россия ҳудудларига ҳужумларда Ғарб техникасидан фойдаланишга рухсат беришга чақирганди. Шунингдек, Зеленский иттифоқ қўшинларининг Нормандияга туширилишининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларга боради, у ерда у НАТОдан Россия ракеталарини уриб туширишни сўрамоқчи.
Шарҳлар