Польшада Беларусь билан чегарада РФ аскари ушланди
Польша чегарачилари Россия армиясидан қочиб кетган россиялик аскарни қўлга олди. 41 ёшли эркак бир гуруҳ муҳожирлар билан бирга Беларусь-Польша чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Бу ҳақда DW Польша чегара хизматига таяниб хабар беради.
Департамент ходимлари қўлга олинган шахсдан унинг Россия армиясидаги хизмати ва Украинага қарши урушда қатнашганлигини тасдиқловчи ҳарбий ҳужжатларни топди.
Польшанинг Rmf.fm радиостанцияси хабар беришича, россиялик аскар қуролсиз ва фуқаролик кийимида бўлиб, муҳожирлар билан аралашишга уринган.
Rmf.fm маълумотларига кўра, қўлга олинган россияликнинг ҳарбий ҳужжатлари орасида армия билан тузилган шартнома ҳам бор эди, у Беларусь орқали тўғридан-тўғри фронтдан Польша ҳудудига кирмоқчи бўлган бўлиши мумкин.
Ҳозирда россиялик чегара хизмати томонидан ҳибсга олинган ва унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Биз унинг нияти нима эканлигини аниқлашимиз керак. Гап Россия разведка хизматларининг буйруғини бажариш ҳақида кетяптими, деган савол туғилади”, — дейди Польша ички ишлар вазирининг ўринбосари Чеслав Мрочек PAP ахборот агентлигига.
Шарҳлар