Буюк Британия Россиянинг ҳарбий атташесини мамлакатдан чиқариб юбормоқда

Флаг Великобритании
Фото: freepik.com

Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги махфий ҳарбий разведка ходими бўлиб чиққан Россия ҳарбий атташесини мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Британия ички ишлар вазири Жеймс Клеверлига таяниб ёзади.

Ички ишлар вазирлиги раҳбари, шунингдек, департамент Россия дипломатик ваколатхонасининг бир қанча кўчмас мулкларини дипломатик мақомдан маҳрум этишини ва Россия дипломатик визаларининг амал қилиш муддатини чеклашини айтди.

Клеверлининг айтишича, бу ҳаракат Россиянинг “Буюк Британия ва Европадаги зарарли ҳаракатларига” жавобдир.

Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонасида ҳарбий атташе лавозимини полковник Максим Еловик эгаллаган. Москва “шунга мос жавоб беради”, – деди Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова “РИА Новости” агентлигига берган изоҳида.

Ҳарбий атташелар Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакиллари ҳисобланади. Улар бир неча бор Бош разведка бошқармаси (БРБ)нинг махфий зобитлари бўлиб чиққан. Масалан, 2019 йилда Германия шу сабабдан Россия ҳарбий атташесининг ўринбосари Евгений Суцкийни мамлакатдан чиқариб юборганди ва уни “персона нон грата” деб эълон қилганди. У “Шимолий оқим-2” лойиҳасини амалга ошириш учун немис расмийларини ёллаган ҳолда лойиҳани илгари суриши керак бўлган.

2018 йилда Эстония Россия элчихонасининг ҳарбий атташеси Олег Афанасьевни мамлакатдан чиқариб юборди – у ҳам БРБ ходими бўлиб чиқди. Унинг вазифаларига Эстониядаги одамларни Россия разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилиш учун ёллаш кирган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.