КХДР Жанубий Корея билан чегарадаги йўлларни портлатди

Фото: nv.ua

КХДР ҳарбийлари мамлакатни Кёнисон ва Тонхэ линиялари бўйлаб Корея ярим оролининг жанубий қисми билан бирлаштирувчи йўлларнинг баъзи қисмларини портлатди. Бу ҳақда “Рёнхап” Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб хабар берди.

Биринчи йўл — Кёнисон линияси — Корея ярим ороли ғарбида жойлашган бўлиб, КХДРнинг Кэсон ва Жанубий Кореянинг Пхаджу шаҳарларини боғлайди. Иккинчи линия — Тонхэ — Япон денгизи соҳилларида жойлашган. Жанубий Корея ҳарбийлари юқори жанговар шайлик ҳақида маълум қилди.

Шимолий кореялик ҳарбийлар чегарадаги йўлларни портлатишга тайёрланаётгани ҳақида штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси 14 октябрь куни маълум қилган эди. Бундан аввалроқ КХДР Жанубий Корея билан автомобил ва темир йўллар ёпиб қўйилиши ва чегара “қалъа”га айлантирилишини эълон қилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.