Путин Анна Политковскаянинг қотиллиги ҳақидаги иш билан шуғулланган терговчига генерал-майор унвонини берди

Владимир Путин
Фото: Sputnik/Alexander Kazakov

Путин “Новая газета” шарҳловчиси Анна Политковскаянинг буюртма асосида ўлдирилиши бўйича 2015 йилдан бери иш олиб бораётган терговчи Владимир Шараевга генерал-майор унвонини берди. Бу ҳақда РБК хабар беради.

«Новая газета» бош муҳаррири Сергей Соколовнинг айтишича, Шараев журналистнинг ўлдирилишини тергов қилиш учун ҳеч нима қилмаган.

“Ишда жабрланувчи сифатида тан олинган Анна Степановнанинг фарзандлари ҳам, уларнинг адвокатлари ҳам, “Новая газета” муҳаррирлари ҳам ишни жуда қисқа вақт давомида олиб борган терговчи Шараевнинг нима қилгани ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Ҳеч ким буюртмачини топа олмагани ва уни қидириш ниятида ҳам эмаслигига қараганда, худди бу сиёсий қотилликка алоқадор бошқа шахсларни қидиришмагани каби, терговчи мутлақо ҳеч нима қилмаган”, – дейди Соколов.

Шунингдек, у қотиллик айбдорлари ё озодликка чиққан ёки “номаълум вазиятларда” ўлган, улар билан ҳеч қандай тергов ҳаракатлари олиб борилмаганини ҳам таъкидлайди.

Ноябрь ойида Анна Политковская қотиллигини уюштирганликда айбланган Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг собиқ терговчиси Сергей Хаджикурбанов афв этилгани ва у Украинадаги урушда қатнашгани маълум бўлди. Қотиллик буюртмачилари эса умуман топилмади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.