Путин Грузия фуқаролар учун виза тартибини соддалаштирди
Россия президенти Владимир Путин Грузия фуқароларининг Россияга кириши ва чиқиши тартибини соддалаштирувчи фармонни имзолади. 10 октябрда эълон қилинган ҳужжат фуқароларнинг айрим тоифалари учун визасиз режимни кенгайтиради.
Янги фармонга кўра, эндиликда Грузия фуқаролари Россияга визасиз нафақат қисқа муддатли саёҳатлар учун, балки ишлаш учун ёки вақтинча бўлиш, жумладан, таълим олиш мақсадида ҳам 90 кундан ортиқ муддатга киришлари мумкин. Илгари бундай тоифадаги фуқароларнинг визасиз кириш ҳуқуқи чекланган эди.
Фармон эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради. Грузия фуқаролари Россияга Грузия фуқаросининг паспорти, дипломатик ёки хизмат паспорти, денгизчи китоби ёки Грузияга қайтиш учун юриш ҳужжати каби ҳақиқий шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ташриф буюриши мумкин.
Бу қарор икки давлат ўртасидаги миграция оқимига сезиларли таъсир кўрсатиши ва Россияда ишлаш ёки ўқиш истагида бўлган кўплаб Грузия фуқароларининг ҳаётини осонлаштириши мумкин.
Шарҳлар