«Путин кун сайин вазият устидан назоратни йўқотмоқда» – Россия кўнгиллилари қўшма баёнот билан чиқди

Фото: Дмитрий Браславский

“Свобода России” легиони, Россия кўнгиллилар корпуси ва Сибир батальони Белгород ва Курск областларида чекланган ҳарбий амалиёт натижалари бўйича қўшма баёнот берди.

“Бизнинг озодлик ҳаракатимиз яна бир бор россиялик кўнгиллининг руҳи ва қуролларининг куч-қудратини ва Путин режимининг заифлигини намойиш этди. Сафдошларимиз билан биз бутун дунёга Путин вазият устидан назоратни кундан-кунга йўқотаётганини ва энди ҳатто ўз мамлакати чегараларини ҳам ҳимоя қила олмаслигини исботладик”.

Россия кўнгиллилари бир неча кун ичида икки аҳоли пунктини Путин режимидан озод қилди, дейилади баёнотда.

“Путин армияси катта ҳажмда техника ва мингдан ортиқ аскарини йўқотди, уларни ваҳима ичида бизнинг қуролимиз остида ўлдириш учун ташлашди. Аммо натижада, ҳатто унинг ҳокимияти учун жиддий дақиқаларда – президентлик сайловлари кунларида ҳам, Путиннинг бутун армияси бизга қаршилик кўрсата олмади. Кремль ҳақиқий уруш бўлган ҳудудларда сайлов ўтказа олмади”.

“Белгород ва Курск областлари фуқаролари Путиннинг самолёт бомбалари ва артиллерия отишмаси остида сайлов участкаларига бормади. Бундан кейин ақли расо бирор киши Путин қонуний равишда «сайланган» деб даъво қила олмайди”.

Баёнотда айтилишича, Владимир Путин ўз қонунийлиги қолдиқларини йўқотган, ҳокимият унинг қўлидан сирғалиб чиқмоқда.

“У Россияда тобора кам жараёнларни назорат қилмоқда, россияликлар буни кўришмоқда ва бизнинг сафимизга тобора кўпроқ ватандошлар қўшилмоқда. Тез орада бошқа шаҳарларга ҳам борамиз. Биз барча мамлакатлардаги русларни, барча миллат вакилларини бизга қўшилишга ва Путин диктатурасига қарши биргаликда курашишга чақирамиз. Фақат қўлда қурол билан ва бирга бўлсак, биз албатта ғалаба қозонамиз ва янги Россияни биз фуқароси бўлишдан уялмайдиган кучли, тинч ва ҳамма ҳурмат қиладиган мамлакатни яратамиз”.

Аввалроқ, Украина Бош разведка бошқармаси “РДК”, «Свобода России» легиони ва Сибир батальонига ёрдам бераётгани маълум бўлган эди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.