“Путинга қарши чошгоҳ” акцияси “экстремистик фаолият белгилари”га эга деб топилди
Москва Шимоли-ғарбий округи прокуратураси “Путь домой” (“Уйга йўл”) ҳаракати фаоли Мария Андреевага 17 март куни 12:00 да “рухсат берилмаган жамоат тадбири”да қатнашиш режалари юзасидан қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш берди, деб ёзади Meduza.
Прокуратура томонидан берилган ҳужжатни Андрееванинг ўзи эълон қилди. Унда айтилишича, мониторинг чоғида унинг ижтимоий тармоқларида “экстремистик фаолият белгиларини ўз ичига олувчи ноқонуний фаолиятлар тайёрланаётгани” ҳақида маълумотлар топилган. Прокуратура қайд этишича, 17 март куни чошгоҳ пайтида ўтказилиши режалаштирилаётган “жамоат тадбирлари”га рухсат берилмаган.
“Сайловларга маълум бир соатларда бориш мумкин эмасмиш! Унда нимага уч кун овоз берамиз? Нимаси ёмон, демократия қаерда? Сайлов ва сўз ҳуқуқи-чи? Унда сайловларни умуман бекор қилиб ташланг, шунда ҳеч ким келмайди ва сизга ёқмайдиган тарзда овоз бермайди”, — деб ёзди Андреева огоҳлантириш юзасидан изоҳ берар экан.
“Путинга қарши чошгоҳ” акцияси ҳақидаги ғояни Петербург қонунчилик мажлиси собиқ депутати Максим Резник таклиф қилганди, у таъқиб хавфи туфайли Россияни тарк этган. Уни колонияда бўлган Алексей Навальний қўллаб-қувватлаган эди, унинг ўлимидан кейин эса акция унинг “васияти”га айланди, унинг тарафдорлари уни амалга оширишга даъват этди. Мухолифат Путинга қарши бўлганларнинг барчасига сайлов участкаларига бир хил вақтда — 17 март куни 12:00 да келишни таклиф этмоқда.
Таъкидланишича, президент сайловларига бир неча кун қолган бир пайтда россияликлар Алексей Навальний жамоасидан сохта хабарлар ола бошлади, уларда “Путинга қарши чошгоҳ” акцияси кўчирилгани ҳақида айтилади.
Шарҳлар