Путиннинг амакиваччаси 91 ёшида вафот этди
Россия президенти Владимир Путиннинг амакиваччаси Евгений Путин 91 ёшида вафот этди, деб хабар беради IvanovoNews. Унинг ўғли “Газпром” раиси ўринбосари, қизи эса Россиянинг энг йирик кўмир компанияларидан бирига эгалик қилади.
Евгений Путин нима сабабдан ва қандай вазиятда ҳаётдан кўз юмгани номаълум. Февраль охирида у 91 ёшга кирган, туғилган кунини ўғли Михаилнинг Суздалдаги уйида нишонлаган. Дафн маросими 10 март куни бўлиб ўтган.
Евгений Путиннинг оиласи 2002 йил охиригача Ивановода яшаган, Путин ҳокимият тепасига келгач, Москвага кўчиб ўтган. Унинг ўғли Михаил “Газпром” бошқарув раиси ўринбосари бўлиб, компания бошқарув кенгашига киради. Дмитрий Песков уни Путиннинг “узоқ қариндоши” деб атаган ва улар мулоқот қилмаслигини айтганди.
Евгений Путиннинг қизи Анна эса Кемерово вилояти губернатори Сергей Цивилёв билан оила қурган. 2018 йилда у Кузбасс раҳбарига айланган эридан Россиядаги энг йирик кўмир қазиб олувчи корхоналардан бири — “Колмар”нинг 70 фоиз улушини қўлга киритган.
Владимир ва Евгений Путинларнинг оталари — Владимир Спиридонович ва Михаил Спиридонович туғишган ака-укалар бўлган.
Шарҳлар