Путиннинг курсдоши Россия Олий суди раиси этиб тайинланди

Foto: Getty Images

Россия Федерация кенгаши Ирина Подносовани мамлакат Олий суди раиси этиб тасдиқлади, деб хабар беради DW. Унинг ушбу лавозимга тайинланишини ёқлаб 167 нафар сенатор бир овоздан овоз берди.

Аввалроқ 70 ёшли Подносованинг номзоди Олий суди раислигига Россия Судлар олий малакавий коллегияси томонидан тавсия этилган, 8 кундан кейин эса Федерация кенгашига тақдимотни Владимир Путин киритган эди. Федерация кенгаши мажлиси чоғида Подносова Олий судни Москвадан Санкт-Петербургга кўчириш ниятини маълум қилди.

Россия Олий суди раиси лавозими Вячеслав Лебедевнинг вафотидан кейин бўшаган эди, у эса бу лавозимни 1991 йилдан буён эгаллаб келганди.

Ирина Подносова Ленинград университети ҳуқуқшунослик факультетида Владимир Путиннинг курсдоши бўлган. 1990 йиллардан у Ленинград вилояти Луга шаҳар судида судья бўлиб ишлаган, кейинроқ Ленинград вилоят судида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган.

2020 йилда Подносова Олий суд иқтисодий коллегияси раҳбари этиб тайинланган. Манбаларга кўра, Подносова Россия суд тизимида нуфузли шахс ҳисобланади, чунки “унинг ортида ким турганини ҳамма тушунади”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.