Путиннинг вакили “Толибон” ҳаракатини террорчилар рўйхатидан чиқариб ташланишини эълон қилди

Фото: ТАСС

Россия ҳукумати тез орада “Толибон”ни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарилганини эълон қилади. Бу ҳақда Россия президентининг Афғонистон бўйича вакили Замир Кабулов маълум қилди, дея хабар беради “ТАСС”.

Унинг сўзларига кўра, қарор аллақачон юқори даражада қабул қилинган, аммо «ҳуқуқий тартиб-қоидаларга риоя қилиш керак».

Жума куни эрталаб ФХХ раҳбари Александр Бортников Россия “Толибон”ни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунлаётганини маълум қилганди.

Унинг таъкидлашича, Афғонистонда ҳокимият тепасидаги “Толибон” ҳаракати мамлакатда “тартиб ўрнатиш ва барқарорликни сақлашга қаратилган”. Бундан ташқари, Бортниковнинг айтишича, толиблар ИШИДнинг афғон қаноти “Вилоят Хуросон”га қарши курашишга тайёр.

Россия ҳукумати “Толибон” билан узоқ вақтдан бери алоқада. Жорий йилда толиблар “Россия – Ислом олами: КазанФорум” форумида, шунингдек, Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок этди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.