Трамп ноябрда мағлуб бўлса, кейинги президент сайловида қатнашмайди
Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп шу йилги президентлик пойгасида мағлубиятга учраса, кейинги — 2028 йилги сайловларда қайта сайланишга ҳаракат қилмаслигини билдирди, деб ёзади “Коммерсантъ”. АҚШда ҳисоб бўйича 60-президент сайлови 5 ноябрга режалаштирилган.
Full Measure дастури бошловчиси Дональд Трампдан Оқ уйга раҳбар бўлишга қаратилган навбатдаги уринишида муваффақият қозонмаса, тўрт йилдан кейин яна номзодини қўйишни режалаштираётгани ёки йўқлиги ҳақида сўради. “Йўқ, номзодимни қўймайман. Бу амалга ошмайди, деб ўйламайман. Биз муваффақиятга эришамиз, деб умид қиламан”, — дея жавоб қилди у.
Дональд Трамп АҚШ президентлигига уч марта ўз номзодини қўйган. 2016 йилги сайловда Демократик партиядан номзод Хиллари Клинтонни мағлуб этиб, АҚШнинг 45-президентига айланган эди. 2020 йилда Трамп яна номзодини илгари сурган, аммо демократ Жо Байденга ютқазган эди. 2022 йил ноябрида эса Трамп 2024 йилги сайловда қатнашиш нияти ҳақида эълон қилди.
Шарҳлар