Чет эл компаниялари Украинани қайта тиклаш ишларини бошлаб юборди
Украинада чет эл компаниялари томонидан инфратузилмани қайта тиклаш ишлари бошланмоқда, деб ёзади Bloomberg. Австрия, Германия ва Туркия компаниялари аллақачон бундай ишларга киришган.
Аввалроқ Европа инвестбанки қайта тиклашга 1 триллион евро кетишини прогноз қилганди. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа мамлакатларига кўмакни кўзда тутган Маршал режаси бўйича АҚШ томонидан ажратилган маблағлардан беш марта кўп демакдир (инфляцияни ҳисобга олганда).
Туркия фирмалари кўприклар, йўлларни қайта тикламоқда, энергогенераторлар ва кўчма касалхоналарни етказиб бермоқда.
Австрия ва Германия компаниялари эса инфратузилма ва мудофаа корхоналарини қайта тиклашни режалаштирмоқда. Хусусан, Германиянинг Rheinmetall AG концерни аввалроқ Украинада 155 мм калибрли артиллерия ўқ-дориларини ишлаб чиқариш корхонасини очиш режалари ҳақида эълон қилган эди. Fixit қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиси эса Украина ғарбида ишлаб чиқариш майдонини ташкил қилади, Bayer AG кимё компанияси уруғ ишлаб чиқаришга сармоя киритмоқда. Дания Украинанинг Николаев шаҳрида кемасозлик марказини қайта тиклашга 130 миллион доллар ажратди.
Шарҳлар