Қирғизистон Бош прокуратураси журналист Маҳабат Тажибек қизининг Тергов изоляторида калтакланганлиги ҳолати бўйича иш очишдан бош тортди
Қирғизистон Бош прокуратураси Бишкек тергов изолятори қўриқчиси томонидан тергов изоляторида сақланаётган Temirov Live ва “Айт Айт Десе” лойиҳаларининг журналисти Махабат Тажибек қизининг калтакланиши бўйича жиноий иш очишдан бош тортди. Бу ҳақда адвокат Улан Сейитбековга таяниб “Медиазона” ёзади.
Ҳибсга олинган журналистнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокатнинг аниқлик киритишича, у тегишли ариза билан назорат органига мурожаат қилган. Бундан ташқари, Сейитбеков ҳужжатда ҳатто жавобгарликка тортилиши керак бўлган жазони ижро этиш хизмати (ЖИЭХ) ходимининг исмини ҳам кўрсатган. Чунки, адвокатга кўра, қўриқчилардан қайси бири Тажибек қизига куч ишлатгани маълум. Бироқ Бош прокуратура бу важларни эътиборсиз қолдириб, ишни рўйхатдан ўтказмади.
Эслатиб ўтамиз, 6 апрель куни Тажибек қизи бир кун аввал Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторида ЖИЭХ ходими уни ва тўрт нафар маҳбусни калтаклаганидан шикоят қилган эди. Кейинроқ ҳибсга олинган аёлнинг турмуш ўртоғи Болот Темиров рафиқасининг танасида кўкарган жароҳатлар суратларини тақдим этди.
Шарҳлар