Қирғизистонлик ёзувчи Олжобай Шакир оммавий тартибсизларга чақириқлар учун беш йилга қамалди

Фото: Институт Медиа полиси

Қирғизистоннинг Чуй вилояти Аламедин тумани суди ёзувчи Олжобай Шакирни ижтимоий тармоқларда оммавий тартибсизликларга чақирганликда айблаб, беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда “Медиазона” хабар беради.

Аниқлик киритилишича, ёзувчига ҳукм чиқарилган йиғилиш 14 май куни бўлиб ўтган.

Шакир ўзининг сўнгги нутқида айбини тан олмаган ва ўз постларида фақат республика раҳбарияти ва халқни очиқ мулоқотга чақириш, шунингдек, ҳокимият қандай ишлашини аҳолига тушунтиришни мақсад қилганини айтди.

Маълумки, Шакирга нисбатан иш қўзғатишга унинг ижтимоий тармоқлардаги видеолари асос бўлиб, экспертиза натижасида уларда ҳокимиятга бўйсунмаслик чақириқлари аниқланган.

Ёзувчининг адвокати Акмат Алагушев суд мажлисида ўз ҳимояси остидаги шахсни оқлашни талаб қилиб, экспертиза натижалари бўйича апелляция беришни режалаштираётганини айтди.

“Мен Азамат Жанишбек уулу ўтказган сиёсатшунослик экспертизасини бекор қилишни сўрайман. У экспертлар рўйхатида йўқ ва ярим соат ичида ўз фикрини билдирди. Бундан ташқари, у ҳеч қандай тадқиқот ёки ҳужжатга таянмаган», – дея таъкидлайди Алагушев.

Маълум қилинишича, адвокат Аламедин туман судининг ҳукми устидан апелляция шикоятини бермоқчи.

Олжобай Шакир — ёзувчи, жамоат арбоби, фуқаролик фаоли. У 2021 йилда «Одам+» қиссасини чиқаргач, жамоатчилик орасида шов-шувга сабабчи бўлган эди. Унда публицист ўз қизининг ҳақиқий воқеаси билан ўртоқлашади, унда қиз ўзини эркак деб ҳисоблаб, трансгендер ўтишини амалга оширади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.