Украина қуролли кучлари РФ Ҳарбий-десант қўшинлари қўмондони ва россиялик мухбирни йўқ қилган бўлиши мумкин
Украина мудофаа кучларининг Россия қўшинлари қўмондонлик пункти жойлашган танкерга зарба бериши оқибатида РФ Ҳарбий-десант қўшинлари қўмондони генерал-полковник Михаил Теплинский ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Шунингдек, “Ўн учинчи” лақабли россиялик ҳарбий мухбир Егор Гузенко ҳам ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалди, аммо улар тасдиқланмади.
“Oboz.ua” нашрининг Украина разведкасидаги манбалари Теплинскийнинг ўлими ҳақидаги ахборотни тасдиқлади. Россия ОАВлари маълумотларига кўра, у Украина мудофаа кучлари зарбасига учраган танкерда бўлган.
Россиянинг баъзи нашрлари Гузенко Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров гвардияси — қодировчилар ёрдами билан йўқ қилингани, улар орасида очиқ ихтилоф бўлгани ҳақида ёзди.
Аммо кейинроқ Гузенко алоқага чиқиб, тирик эканлигини маълум қилди, унинг ўлими ҳақидаги ахборот эса фронт ортидаги Украина разведкаси агентларини аниқлаш учун ўтказилган махсус операция бўлганини айтди.
Маълумот учун, Михаил Теплинский асли Украинанинг Донецк вилояти Моспино шаҳридан бўлиб, 2022 йилда Россия Ҳарбий-десант қўшинлари қўмондони этиб тайинланган. 2023 йил 30 октябрда “Днепр” қўшинлар гуруҳи қўмондони лавозимини эгаллаган.
Егор Гузенко эса украиналик ҳарбий асирларни шафқатсиз жазолашга қаратилган даъватлари билан танилган. 2015 йилдаёқ “ДХР” истилочилари сафига қўшилиб, “Ўн учинчи” позивнойини олган. Шунингдек, Сурияда жанг қилган, Россияда жанжал ва ҳатто отишмалар иштирокидаги жиноий ҳужжатларда номи тилга олинган. Сўнгги вақтларда у қодировчилар билан зиддиятга бориб қолган, уларни TikTok’да масхара қилган, ҳатто Чеченистон раҳбарини омма олдида камситган. Гузенко “Аҳмад” бўлинмасидаги қодировчилар унга доимий таҳдид қилиб келишини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, 11 март куни Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук юк кемасида жойлашган Россия бошқарув пунктига ҳаводан зарба берилганини маълум қилиб, украиналик учувчиларга муваффақиятли операция учун миннатдорлик билдирган эди.
Шарҳлар