Қозоғистонда баҳорги тошқинлар туфайли қарийб 100 минг киши эвакуация қилинди
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, баҳор тошқинлари бошланганидан буён мамлакатда 96,5 минг киши, шу жумладан, 31,6 минг болалар эвакуация қилинган. 8,5 миллион куб метр қор-муз сувлари насос орқали тортиб чиқариб ташланган, деб ёзади “Коммерсантъ”.
“Акмола вилоятининг Коргалжин, Атбасар, Астрахан, Сандиктау, Буланди туманларида музларнинг тиқилиб қолиши олдини олиш учун портлатиш ишлари олиб борилди. Жабр кўрган ҳудудларга 167,9 минг кг гуманитар ёрдам етказилди”, — дейилади ФВВ хабарида.
Қозоғистоннинг бешта вилоятида 3,4 мингта турар жой ва 336 та ҳовлили ҳудудлар сув остида қолган. 69 та аҳоли пункти транспорт қатновидан узилиб қолган ва маҳаллий ҳукумат назорати остига олинган.
Баҳорги тошқинлар туфайли, Қозоғистон ҳукумати ўнта вилоятда фавқулодда ҳолат режимини жорий қилди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев табиий офатни кўлами ва оқибатлари бўйича 80 йил ичидаги энг йириги деб атади.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда баҳорги тошқинлар Россияда ҳам кузатилмоқда. Россия президентининг Урал федерал округидаги мухтор вакили Владимир Якушев тошқинларда Қозоғистонни айблади. Россия Курган ва Тюмень вилоятларида баҳорги тошқинларга дуч келмаслиги учун, Қозоғистон ўз сув омборлари тизимида сувни келишилган ҳолда оқизиши керак эди, деди у.
Шарҳлар