Такер Карлсоннинг жамоаси “Россия 24” каналида шоу ишга туширилгани ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади
Tucker Carlson Network стриминг сервисининг дастурлаш ва ишлаб чиқариш бўйича бўлими бошлиғи Дин Томпсон ОАВларда америкалик журналист “Россия 24” телеканалида ўз кўрсатувини ишга туширгани ҳақида пайдо бўлган хабарларни бутунлай ёлғон деб атади. Такер Карлсоннинг ўзи ҳам Россия телевидениесида ишлаётгани ҳақидаги маълумотларни кўп марта рад этган.
Такер Карлсон “Россия 24” телеканалида ўз шоусининг бошловчиси бўлиши ҳақидаги хабарлар 21 май куни тарқала бошлади. Нашрлар “Смотрим” платформасида “Tucker” номли шоу пайдо бўлганига эътибор қаратди. Унда журналист эксперт билан кана ва Лайм касаллигини муҳокама қилган. Кўрсатув Карлсон ўзининг инглиз тилидаги кўрсатувини тасвирга олиб, сўнг YouTube’га жойлайдиган студияда ёзиб олинган.
“Смотрим” сайтида “Tucker” кўрсатуви сонлари “Tucker.Россия 24” номли махсус бўлимга жойланган. Аммо ОАВлар эътибор қаратган кўрсатув бу бўлимдаги биринчиси эмас. Ушбу категориядаги илк видео 2023 йил сентябрида эълон қилинган бўлиб, у Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан интервьюдир. “Tucker” шоусига берилган таърифда айтилишича, у “Россия 24” ва “КарлсонТВ” — Америка шоуларининг рус тилидаги версияларидан иборат YouTube-канал томонидан яратилган.
Шарҳлар