Ироқ шиалари Исроил шимолидаги Хайфа порти ўққа тутилгани ҳақида маълум қилди

Фото: РИА

“Ироқ исломий қаршилиги” деб аталувчи қуролланган шиа гуруҳлари Исроил шимолидаги Хайфа портига ракета ҳужуми уюштирилганини эълон қилди, дейилади уларнинг қўшма баёнотида.

“Ғазодаги ишғолга қарши туриш ва халқимизни қўллаб-қувватлаш сиёсатимизни давом эттирган ҳолда… Ироқдаги исломий қаршилик жангарилари босиб олинган ерларимизда жойлашган Хайфа портига “ал-Арқаб” қанотли ракета ҳужумини уюштирди”, — дейилади гуруҳнинг Телеграм каналида чоп этилган хабарда.

Ироқ гуруҳлари Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларга жавобан Исроилдаги асосий нишонларга ҳужум қилишда давом этишларини қўшимча қилди.

Бу сўнгги пайтларда Ироқ ҳудудидан шиа гуруҳларининг Исроил ҳудудига берган биринчи зарбаси эмас. Улар аввалроқ Хайфага дронлар ҳужуми, шунингдек, Исроил жанубида жойлашган Негевдаги Беэр-Шева шаҳри ўққа тутилгани ҳақида эълон қилган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.