Трамп президентликка расман номзод сифатида илгари сурилди, у ўзига вице-президент танлади
АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп расман АҚШ президентлигига номзод қилиб кўрсатилди. Милуокидаги қурултойда Республикачилар партиясининг кўпчилик делегатлари Трампни қўллаб-қувватлади, деб ёзади “Коммерсантъ”. Республикачиларнинг партия қурултойи 16 июлдан 18 июлгача давом этади.
Расман номзод бўлгач, Дональд Трамп вице-президентликка номзод сифатида Огайо штатидан 39 ёшли сенатори — Жей Ди Вэнсни танлаганини маълум қилди. Вэнс кўпчилик асосий масалаларда, шу жумладан, чегаралар хавфсизлиги ва Хитой билан савдо масаласида позиция борасида Трампнинг фикрига қўшилади.
Вэнс 2016 йилги сайловлардан аввал Трампни танқид қилган, аммо 2018 йилда ўз позициясини ўзгартирган ва 2020 йилги сайловда собиқ президентни қўллаб-қувватлаган. Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзишича, Жей Ди Вэнс “ўзи қойилмақом равишда курашган одамлари”га алоҳида эътибор кўрсатади. Трамп улар орасида Пенсильвания, Мичиган, Висконсин, Огайо ва Миннесота ишчилари ва фермерларини айтиб ўтди.
Жей Ди Вэнс 2016 йилда “Қишлоқ элегияси” мемуарлари чоп этилгач, танилган. У 2022 йилда сенатор бўлган.
Март ойи бошида АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ва Жанубий Каролина собиқ губернатори Никки Хэйли Республикачилар партиясидан ўз номзодини илгари суриш бўйича президентлик пойгасидан чиқиб кетган эди. Шу тариқа Дональд Трамп Республикачилар партиясидан ягона номзодга айланди.
Шарҳлар