“РБК Украина”: БРБ дронлари “Оленья” аэродромида Россиянинг стратегик бомбардимончи самолётини йўқ қилди
27 июль куни Украина БРБнинг операцияси натижасида Саратов областининг Энгельс шаҳридаги ҳарбий аэродромларига, Рязан областидаги Дягилево ҳарбий аэродромига ва Мурманск областидаги “Оленья” аэродромига ҳужум қилинган. Бу ҳақда “РБК Украина” хабар беради.
Манбаларнинг таъкидлашича, “Оленья” аэродромига зарба бериш натижасида ТУ-22М3 узоқ масофали товушдан тез ракета ташувчи бомбардимончи самолётининг зарарлангани қайд этилган. Ушбу аэродром Украина чегарасидан тахминан 1800 км масофада жойлашган.
Шунингдек, камикадзе дрон ҳужуми натижасида Рязандаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳам зарба берилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Дягилево аэродроми ҳудудида биринчи портлашлар маҳаллий вақт билан тахминан 6:00 да содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда «парвозлар» ва тутун тасвирлари эълон қилинган, шунингдек, камида учта портлаш ҳақида хабар берилган.
Россиянинг стратегик авиацияси жойлашган Энгельс аэродромида портлашлар соат 8:00 атрофида эшитилган. Маҳаллий нашрларнинг қайд этишича, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг дронларни уриб туширишга уриниши муваффақиятсиз якунланган.
Россиянинг бошқа ҳарбий нишонларига дронларнинг зарбалари натижалари аниқланмоқда.
Шарҳлар