Reuters: Путин воситачилар орқали АҚШга Украинадаги низони тўхтатиб қўйишни таклиф қилган, аммо музокаралар муваффақиятсиз якунланган
АҚШ Россия президенти Владимир Путиннинг низони вақтинчалик тўхтатиб қўйиш (музлатиб қўйиш) мақсадида Украинада ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифини рад этди, деб хабар беради Reuters Россиядаги учта манбасига таяниб. Улар иккала томондан воситачилар ўртасида олиб борилган муҳокамалардан хабардор бўлган.
Музокараларнинг муваффақиятсиз якунлангани шуни кўрсатадики, дунёнинг энг йирик иккита ядро мамлакати бир-биридан жуда узоқда турибди, деб ёзади агентлик.
Шу билан бирга, нашрнинг Америкадаги манбаси норасмий мулоқотлар ҳақидаги маълумотларни рад этиб, Вашингтон Киевнинг иштирокисиз музокаралар олиб бормаслигини айтди.
Россиядаги манбаларга кўра, 2023 йилда Путин омма олдида ва воситачилар орқали, хусусан, Москванинг Яқин Шарқдаги араб шериклари ёрдамида Вашингтонга Украинада ўт очишни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигига ишора қилган.
Путин низони ҳозирги чизиқларда тўхтатиб қўйишни таклиф қилган ва Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларининг бирортасини ҳам беришни истамаган, деди агентлик суҳбатдошлари.
“Америкаликлар билан мулоқотлар ҳеч қандай натижа бермади”, — деди 2023 йил охири — 2024 йил бошида бўлиб ўтган муҳокамалар боришидан хабардор бўлган россиялик юқори мансабли амалдор ўз исмини аноним сақлаган ҳолда.
Россиялик яна бир манба маълум қилишича, америкаликлар воситачилар орқали Москвага эҳтимолий ўт очишни тўхтатишни Украинасиз муҳокама қилмасликларини билдирган, шу сабабли музокаралар муваффақиятсиз якунланган.
Кремл, Оқ уй, Давлат департаменти ва МРБ ушбу маълумотлар юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.
Шарҳлар