Украина армияси ҳужум ҳаракатларини тўхтатиб, мудофаага ўтди

Foto: Reuters

Россия армияси ҳозир барча фронтлар бўйича ҳужум қилмоқда, вазиятни мураккаб деб аташ мумкин, деди Украина қуролли кучлари (УҚК) бош қўмондони Александр Сирский Германиянинг ZDF телеканалига берган интервьюсида. У ушбу канал билан бош қўмондон лавозимига тайинланишидан бир неча кун аввал мулоқот қилган эди.

“Биз ҳужум ҳаракатларидан мудофаага ўтдик”, — деди бош қўмондон.

Купянск йўналишида айниқса кескин жанглар бормоқда. Сирскийнинг сўзларига кўра, тўрт ой ичида россияликлар у ерда тахминан бир километрга силжиган ва катта талафотларни бошидан кечирган.

Шунингдек, Сирский жангчилар ҳаётини сақлаб қолиш йўлида позицияларни ташлаб кетишга тайёрлигини билдирди ва аскарнинг ҳаётини бош қадрият деб атади.

Ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи Украина армиясининг бош қадрияти бўлгани ва шундай бўлиб қолаётгани ҳақида Сирский бош қўмондон лавозимига тайинланганидан кейин ҳам айтиб ўтганди. Шу билан бирга, Ғарб ОАВлари ёзишича, Украина ҳарбийлари уни Бахмут мудофаасидаги катта талафотлар туфайли “қассоб” ва “генерал-200” деб атайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.