“Роснефть” раҳбари Игорь Сечиннинг 35 ёшли ўғли “тромб ёрилиши”дан вафот этди
“Роснефть” раҳбари Игорь Сечиннинг ўғли Иван 35 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЮКОС собиқ раҳбарларидан бири Леонид Невзлин мерос ишлари реестридаги қайдларга таяниб хабар берган.
Реестрга кўра, Иван Сечин 5 февраль куни вафот этган. Унинг ўлими ҳақида оммага хабар берилмаган.
“Медиазона” реестрдаги қайдларни текшириб кўриб, у 1989 йилда туғилган ва Москвада Шведский тупик, 3 манзилида истиқомат қилган Иван Игоревич Сечин номига расмийлаштирилганига ишонч ҳосил қилди. “РБК” ушбу бинони “Путиннинг сафдошлари учун уй” деб атаган ва у ерда Игорь Сечин яшагани ҳақида ёзганди.
Иван Сечиннинг ўлими ҳақида “ВЧК-ОПГУ” аноним Телеграм-канали ҳам хабар берди. Канал манбаси даъво қилишича, кичик Сечин вафотининг расмий сабаби сифатида “тромб ёрилиши” келтирилган.
2014 йил мартидан Иван Сечин “Роснефт”да ишлаган. 2015 йил январида Россия президенти Владимир Путин кичик Сечинни “кўп йиллик виждонли меҳнати” ва “ёқилғи-енергетика мажмуасини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси учун” II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени медали билан тақдирлаган. Ўша пайтда у 25 ёшда бўлган ва шельфдаги қўшма лойиҳалар департаменти директори ўринбосари лавозимида ишлаган.
Иван Сечин Москва давлат университетининг иқтисодиёт факултетини тугатган, шунингдек, МДУнинг Москва иқтисодиёт мактабида ҳам ўқиган.
Игорь Сечиннинг жами уч фарзанди бўлган — биринчи никоҳидан қизи Инга ва ўғри Иван ҳамда иккинчи никоҳидан қизи Варвара.
Шарҳлар