Россия ҳарбий денгиз кучлари бош қўмондони ўзгарди. Бу Қора денгиз флотидаги қатор йўқотишлардан кейин амалга оширилди

Фото: Дождь

Шимолий флотга қўмондонлик қилган адмирал Александр Моисеев Россия денгиз флоти бош қўмондони вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда ТАСС ёзади.

“Фонтанка” нашри  манбаларга таянган ҳолда, Моисеев 10 март куни тайинлангани ҳақида ёзганди. Кейин президент матбуот котиби Дмитрий Песков бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди ва у махфий маълумот эканини таъкидлади.

Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони сифатида Моисеев 2019 йилдан буён бу лавозимда ишлаб келаётган Николай Евменов ўрнини эгаллади. Евменовнинг истеъфога чиқиши Россия Қора денгиз флотидаги қатор йўқотишлар фонида юз берди. Украина қуролли кучларининг денгиз дронлари томонидан бир қатор кемалар чўктирилди.

Умуман олганда, Украинада уруш бошланганидан бери, «Важные истории» нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, Россия 20 дан ортиқ кемани, шу жумладан битта сув ости кемаси, десант кемалари ва «Москва» флагман крейсерини шахсий таркиби билан бирга йўқотган.

Александр Моисеев 2018 йил май ойидан бери Россия Қора денгиз флотига қўмондонлик қилган. Бир йил ўтгач, у Шимолий денгиз флотининг қўмондони этиб тайинланган.

2011 йилда Моисеев «энг сўнгги қуролларни синовдан ўтказгани учун» Россия Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган ва унинг раҳбарлигида ракеталар муваффақиятли учирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.