Россия давлат телеканали учувчи Максим Кузьминовнинг ўлдирилиши ортида Россия турганини тан олди
Россия давлат телеканалининг Дмитрий Кисилёв билан “Вести недели” дастури катта сюжетини Испанияда ўлдирилган россиялик собиқ учувчи Максим Кузьминовга бағишлади. 10 дақиқалик видеода телеканал унинг даф қилиниши ортида Россия турганини тан олди, дейиш мумкин.
Кузминовнинг ўлдирилиши ҳақидаги сюжет дастлаб “Итга — итнинг ўлими” сарлавҳаси остида анонс қилинган. Аммо кўрсатувга эфирга узатилганида у “Қилмишига яраша!” деб ўзгартирилган. “Ширин ҳаёт истаган эди, бунинг ўрнига олтита ўқ еди”, — деди Кисилёв.
“Вести недели” Кузьминовни “сотқин” ва “мунофиқ” деб атади. Сюжет муаллифи Сергей Зенин Россия разведка бош бошқармаси махсус топшириқли офицерлари билан Кузьминов қочиб кетганидан кейин дарҳол уюштирилган архив интервьюларни намойиш қилди. Улардан бири: “Биз бундай воқеани қандай унутишимиз мумкин? Қанақа қилиб бўлса ҳам жазолаймиз”, — деган. Зениннинг ўзи эса: “Ўтган йил ёзида Кузьминовнинг келажаги ҳақида ишонч билан гапиришганди — буйруқ олинган, унинг бажарилишини эса вақт кўрсатади”, — дея бу гапларни тўлдирди.
Кузминов 2023 йил августида Россия қуролли кучларининг Ми-8 вертолётини Украина ҳудудига қўндирган. Кейинроқ Максим Кузминов Киевдаги матбуот анжуманида сўзга чиқиб, ўз қарорини ҳарбий операцияга нисбатан салбий фикрда экани билан изоҳлаганди. Украина Разведка бош бошқармаси Кузминов кейинроқ Испанияга кўчиб кетганини маълум қилганди.
19 февраль куни Кузьминов Испанияда ўлдириб кетилди — унга бир неча марта ўқ узилган, сўнг машина билан босиб кетилган.
Шарҳлар