Россия Федерацияси Давлат Думаси «Instagram» ва «Facebook»да рекламани тақиқламоқчи
Россия Давлат Думасига мамлакатда “экстремистик” ва “номақбул” деб эълон қилинган ташкилотларнинг ресурслари, шунингдек, Россия Федерациясида блокланган сайтлар ва манбаларда реклама жойлаштиришни тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда DW хабар бермоқда.
Тегишли ҳужжат 21 июнь куни Давлат Думасининг қонунчилик фаолияти маълумотлар базасига жойлаштирилди.
Бир гуруҳ депутатлар ва сенаторлар, жумладан, Андрей Луговой, Александр Хинштейн ва Андрей Клишас таклифни “ноқонуний ахборот ресурслари” рекламадан даромад олишда давом этаётгани ва “провокацион фаолият ва Россия манфаатларига қарши душманона ҳаракатлар олиб бориши” билан изоҳлаган.
“Масалан, баъзи россиялик фойдаланувчилар интернетга кириш чекловларини четлаб ўтиш учун турли технологиялардан фойдаланган ҳолда «Instagram» ва «Facebook» ахборот ресурсларидан фойдаланишда давом этмоқдалар, бу эса бундай ноқонуний ахборот ресурслари эгаларига реклама тарқатишдан даромад олиш имкониятини яратади. Бу умумий даромаднинг 50 дан 90% гача бўлиши мумкин «, – дейилади қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида.
2024 йил март ойида президент Владимир Путин “хорижий агентлар” ресурсларида реклама қилишни тақиқловчи қонунни имзолаган. Қонунчилар таклиф қилинаётган янги тақиқни “изчил қонуний қадам” деб аташган.
Россияда «Facebook» ва «Instagram»га кириш 2022 йил мартида, Россиянинг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай блокланган эди. Москванинг Тверской туман суди Мета компаниясини “экстремистик ташкилот” деб топган ва унга тегишли ижтимоий тармоқларни тақиқлаган.
Шарҳлар