Россия элитаси уруш тез орада тугашига ишонмаяпти
Faridaily нашрига Россия раҳбариятидаги кайфият ҳақида Путин билан мунтазам мулоқотда бўлган расмийлар, шунингдек, Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг боришидан хабардор одамлар гапириб берди.
Faridaily суҳбатдошларига кўра, ҳокимиятда тинчлик музокаралари тарафдорлари деярли қолмаган. Тинчлик бўйича «сўров» Украинанинг Курск областига бостириб киришидан кейин йўқолган.
“Путин учун бу [Россия ҳудудига бостириб кириш] камситувчи ҳолат эди”, – дея тушунтиради суҳбатдошлардан бири.
Путиннинг атрофидагилар унинг кайфиятини кўриб, музокаралар бўлиши мумкинлигига ишонмаяпти. “Тинчликка бирор ишора қилиш ҳам қийин, бундай овозлар бостирилмоқда”, – дейди «санкцияга учраган» россиялик амалдор.
Faridail суҳбатдошлари Washington Post газетасининг уруш бошланганидан бери Қатарда Россия ва Украина ҳарбийларининг биринчи учрашувига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги маълумотларини тасдиқлади. Музокаралар 22-23 август кунларига белгиланган эди. Уларда томонлар энергетика инфратузилмасига ҳужумларни ўзаро чеклаш масалаларини муҳокама қилмоқчи эди.
Ҳозир Путин ва ҳарбий раҳбарият бу музокаралар Курск областидаги операция учун “парда” бўлган деб ҳисобламоқда, дейди Faridail суҳбатдошларидан бири.
Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат берилса, музокаралар янада кечиктирилиши мумкин, деб ҳисоблайди россиялик амалдорлардан бири. «Бу катта эскалация бўлади ва бунинг эҳтимоли катта», – дейди у.
“Ҳаммаси ҳаддан ташқари чуқурлашди. Мен ҳеч қандай тинчлик жараёнига ишонмайман. Украина парчаланмагунча, ҳеч нарса тугамайди”, – деди Путин билан учрашувларда мунтазам қатнашадиган давлат корхонасининг раҳбари.
Шарҳлар