,

Россия, Эрон ва Қозоғистон февралда умумий алоқа линиясини қуришни муҳокама қилади

Фото: Rambler

Россия, Эрон ва Қозоғистон вакиллари уч мамлакат ўртасида оптик толали алоқа линияси қурилиши бўйича музокаралар олиб боради. Учрашув 15—20 февраль кунлари Москвада бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон рақамли ривожланиш вазири Багдат Мусин маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.

У ташаббусни жуда муҳим деб атади ва Эрон ҳукуматида “ушбу лойиҳага қизиқиш борлиги”ни қайд этди. “Музокараларнинг кейинги босқичи энди аниқроқ бўлади ва у Россия Федерациясида ташкиллаштирилади”, — дея аниқлик киритди Мусин.

Оптик толали алоқа махфий ахборотдан рухсатсиз фойдаланиш ва уни тутиб қолишдан ҳимояни таъминлайди. Ахборот сигналини ташувчи сифатида оптик диапазондаги электромагнит нурланиш, йўналтирувчи тизимлар сифатида эса оптик толали кабеллар қўлланилади.

Россия, Қозоғистон ва Эрон ўртасида оптик толали линия лойиҳасини яратиш ташаббуси билан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2023 йил декабрида чиққан эди. Унинг фикрича, бу Евросиё маконида транзит трафикнинг муқобил йўналишини яратиш ва Евросиё иқтисодий иттифоқининг логистикадаги ўрнини кучайтириш имконини беради. Шу ҳафта Багдат Мусин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларига оптик толали алоқа линияларини қуришни таклиф қилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.