Россия қўшинлари Киев ва Харьковга ракета зарбалари берди
Россия қўшинлари 23 январь куни эрталаб Киевга ракеталар учирди. Украина пойтахтининг Святошинский туманида бир нечта автомобиль ёниб кетган, кўп қаватли бинога зарар етган, деб ёзади Meduza шаҳар маъмуриятига таяниб.
Шунингдек, Печерский ва Соломенский туманларида ҳам бинолар ракета зарбалари оқибатида зарар кўрган.
Киев мэри Виталий Кличко маълумотларига кўра, етти киши жароҳат олган. Жабрланганларнинг кўпчилиги — Соломенский туманида бўлиб, олти нафар ярадор касалхонага етказилган, бир кишига воқеа жойида зарур ёрдам берилган.
23 январь куни эрталаб Харьков ҳам зарбалар остида қолди. Турар жойлардан бирининг подъезди вайрон бўлган. Вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин, у ерда айни пайтда қутқарувчилар ишламоқда. Киев туманининг бир қисми ҳужум натижасида чироқсиз ва сув таъминотисиз қолган.
Ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида Днепропетровск вилояти маъмурлари ҳам хабар бермоқда. Минтақа раҳбари Сергей Лисак ёзишича, Павлоградда бир киши ҳалок бўлган, яна бир киши яраланган.
23 январь куни эрталаб Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россия бомбардимончилари томонидан қанотли ракеталар учирилгани, улар, шу жумладан, Киев томонга йўналтирилгани ҳақида хабар берганди.
Шарҳлар